2026 йилда Россияда полиция ушлаб қолса, мигрант нима қилиши керак: полиция билан мулоқот қоидалари, ушланган чет эл фуқаросининг ҳуқуқлари
Полиция ходимлари томонидан ушлаб турилиш ҳолати ҳар қандай одам учун стрессли вазиятдир. Россиядаги чет эл фуқароси учун эса бу миграция мақоми билан боғлиқ қўшимча хавфларни келтириб чиқаради. Ўз ҳуқуқлари, хулқ-атвор қоидалари ва ушланган вақтдаги ҳаракатлар тартибини билиш мигрантга нафақат ўзини ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, балки жаримадан тортиб депортация ва мамлакатга киришни тақиқлашгача бўлган жиддий оқибатларнинг олдини олиш имконини беради. Ушбу мақолада чет эл фуқароларини ушлаб туриш асослари, полиция ходимлари билан мулоқот қилиш тартиби, ушланган шахснинг ҳуқуқлари ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатлар юзасидан шикоят қилиш усуллари батафсил кўриб чиқилади.
2026 йилда полиция қандай ҳолларда Россияда чет эл фуқаросини тўхтатиш ва ушлаб туриш ҳуқуқига эга?
Полиция ходимлари чет эл фуқаросининг ҳужжатларини текшириш ва зарур бўлганда уни фақат қонуний асослар мавжуд бўлгандагина ушлаб туриш ҳуқуқига эга.
Ҳужжатларни текшириш учун қуйидагилар қонуний асос ҳисобланади:
чет эл фуқароси қидирувда деган шубҳа мавжудлиги;
жиноий иш содир этганликда гумон қилиниши;
маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниши;
полиция ходими ҳузурида эҳтимолий ҳуқуқбузарлик аломатлари пайдо бўлиши.
Ушлаб туриш қонунда кўрсатилган объектив сабабларга кўра амалга оширилиши мумкин.
2026 йилда Россиядаги чет эл фуқаросининг ёнида доим қандай ҳужжатлар бўлиши керак?
Текширув пайтида муаммоларга дуч келмаслик учун чет эл фуқаросига доим ўзи билан қуйидаги ҳужжатларни олиб юриш тавсия этилади:
- паспорт (миллий ёки хорижга чиқиш паспорти);
- миграция картаси (мамлакатга кирганлик тўғрисидаги белги билан);
- миграция ҳисобига қўйилганлик тўғрисида билдиришнома (вақтинчалик рўйхатдан ўтганлик);
- патент (меҳнат фаолиятини амалга ошираётган, визасиз тартибдаги мамлакатлар фуқаролари учун);
- патент учун тўлов ўз вақтида амалга оширилганини тасдиқловчи чеклар (қоғоз ва электрон нусхаларини олиб юриш тавсия этилади);
- Ихтиёрий тиббий суғурта (ДМС) полиси (айрим тоифадаги чет элликлар учун);
- чет эллик талабалар учун — талабалик гувоҳномаси ва амалдаги виза (агар зарур бўлса).
Барча ҳужжатлар амалда бўлиши шарт. Муддати ўтган ёки сохта ҳужжатлар маъмурий жавобгарликка, жаримага, баъзи ҳолларда эса депортация қилинишга ва мамлакатга кириш тақиқланишига олиб келади.
2026 йилда Россия полицияси ходими билан мулоқот қилишдаги хулқ-атвор қоидалари
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан мулоқотда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш зарур.
Вазминликни сақланг ва ҳурмат кўрсатинг. Хизмат вазифасини бажараётган полиция ходими давлатнинг расмий вакили ҳисобланади. Вазифасини бажараётган полиция ходимини ҳақорат қилиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Полиция ходимига ва унинг шахсий буюмларига тегманг. Жаҳлни ва тажовузкорликни намоён қилманг.
Диққатли бўлинг, тафсилотларни эслаб қолинг. Полиция ходимининг ҳаракатлари ноқонуний бўлса, унинг фамилияси, унвони, лавозими ва кўкрак нишони рақамини ёзиб олинг.
Ўз ҳуқуқларингизни таҳдидсиз, аммо ишонч билан айтинг. Ҳуқуқларингизни билишингизни маълум қилинг, бироқ полиция ходимига таҳдид қилманг.
Муаммони пул билан ҳал қилишга уринманг. Бу ноқонуний ҳаракат бўлиб, вазиятингизни оғирлаштириши, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиш ёки депортация қилинишгача олиб келиши мумкин.
Агар рус тилини яхши билмасангиз ва полиция ходимларининг кўрсатмалари сизга тушунарсиз бўлса, бу ҳақда хабар беринг. Сиз таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз (мустақил равишда ёки элчихона/консуллик ёрдамида).
Россия полицияси ходими ҳужжатларни текширишдан олдин нима қилиши керак?
Ҳужжатларни талаб қилишдан олдин полиция ходими қуйидагиларни бажаришга мажбур:
- ўз фамилияси, унвони ва лавозимини айтиши;
- хизмат гувоҳномасини (маълумотларни ўқиш мумкин бўлиши учун очиқ ҳолда) кўрсатиши;
- ходимни идентификация қилиш имконини берувчи кўкрак нишонига эга бўлиши;
- ҳужжатларни текшириш сабабини тушунтириши.
Шахсий кўрик ва шахсий буюмларни тинтув қилиш тартиби
Шахсий кўрик ва буюмларни кўздан кечириш — бу оддий ҳужжат текширишдан кўра жиддийроқ чоралардир. Улар қатъий процессуал чекловларга эга.
Муҳим қоидалар:
кўздан кечириш бу учун мўлжалланмаган жойларда (кўчада, хонадонда, идорада, омборда ва ҳ.к.) ўткзилиши мумкин эмас. Бу тартиб-таомиллар фақат полиция бўлимидаги махсус хоналарда ўтказилиши керак;
шахсий кўрик ўтказилаётганда албатта баённома тузилади;
кўздан кечириш фақат чет элликнинг шахсий розилиги билан ва кўздан кечирилаётган шахс билан бир жинсдаги икки нафар холис иштирокида ўтказилади;
агар ушланган шахсда қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, наркотиклар, заҳарли ёки радиоактив моддалар бор деб тахмин қилишга асос бўлса, полиция ходимлари кўздан кечириш ўтказиш ҳуқуқига эга.
2026 йилда Россияда полиция ходимлари томонидан ушланган чет эл фуқаросининг ҳуқуқлари
Ушланганида чет эл фуқароси Россия фуқароси билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлади. Полиция ходимлари бу ҳуқуқларни тушунтириши шарт.
Сиз қуйидаги ҳуқуқларга эгасиз:
- ушланиш сабабини билиш (полиция ходими уни ушлаш пайтида айтиши керак);
- юридик ёрдам (адвокат) олиш — адвокат билан маслаҳатлашмагунингизча кўрсатма беришдан бош тортишингиз мумкин;
- таржимон хизматидан фойдаланиш (агар рус тилини яхши билмасангиз);
- телефон қўнғироғини амалга ошириш — оила аъзоларингиз ёки дўстларингизга ушланганингиз ҳақида хабар бериш (ушланганингиздан кейин уч соатдан кечиктирмай);
- ушланганлик ҳақидаги баённоманинг нусхасини олиш;
- тушунтириш беришдан бош тортиш (РФ Конституциясининг 51-моддаси — ҳеч ким ўзига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас);
- ўзингиз имзолаётган барча ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ва уларни таржимасиз ёки мазмунига рози бўлмасангиз имзоламаслик.
Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш фақат сизнинг иштирокингизда, бўлимдаги махсус маълумотлар базаси орқали амалга оширилиши мумкин.
Текширувдан сўнг паспортингизни қўлингизга қайтариб беришлари шарт.
2026 йилда чет эл фуқаросини Россия полициясида қанча муддат ушлаб туришлари мумкин?
Айблов эълон қилинмасдан ушлаб туришнинг энг кўп муддати 48 соатни ташкил этади. Агар сизга нисбатан суд қарори қабул қилинмаган бўлса, сизни кўпи билан 2 кун ушлаб туришлари мумкин. Бу муддат тугагач, сизга ё айблов эълон қилишлари, ёки қўйиб юборишлари шарт.
Маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳолатида (РФ МЖТКнинг 27.19.1-моддаси):
махсус муассасада сақлаш муддати 90 суткадан ошмаслиги керак;
чиқариб юборишнинг амалда имкони бўлмаган тақдирда, муддат судья томонидан яна 90 суткага (лекин бундан кўп эмас) узайтирилиши мумкин;
муддатни узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суд ижрочиси томонидан муддат тугашига камида 15 сутка қолганда судга тақдим этилади.
Ўзига нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш тартиби қўлланилаётган назоратдаги шахс, чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ўтгач, махсус муассасада бундан буён сақлашнинг қонунийлигини текшириш тўғрисидаги илтимоснома билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Агар 2026 йилда Россияда чет эл фуқароси ушланса, нима қилиш керак: қадамма-қадам ҳаракатлар алгоритми
Хотиржамликни сақланг. Ваҳимага тушманг ва полиция ходимлари билан зиддиятга борманг.
Ушланиш сабабини аниқланг. Ходимдан сизни нима асосида ушлаб туришганини сўранг.
Яқинларингизга ёки консулликка қўнғироқ қилинг. Ушланганингиздан кейин уч соат ичида телефон қилишга ҳақлисиз. Агар ўзингизда бундай имконият бўлмаса, полиция ходимидан сизнинг номингиздан қўнғироқ қилишни сўранг.
Таржимон ҳуқуқидан фойдаланинг. Агар рус тилини яхши тушунмасангиз ёки гапира олмасангиз, таржимон зарурлигини маълум қилинг.
Адвокат ҳуқуқидан фойдаланинг. Адвокат билан маслаҳатлашмагунингизча кўрсатма беришдан бош тортишингиз мумкин.
Ушланганлик ҳақида баённома тузилишини талаб қилинг. Баённомада қуйидагилар кўрсатилиши керак: ушланган вақт ва жой, ушлаш асослари ва сабаблари, баённомани тузган ходимнинг имзоси. Баённома нусхасини қўлингизга беришлари шарт.
Баённомани ўқиб чиқмасдан туриб имзоламанг. Агар баённомада нима ёзилганини тушунмасангиз ёки кўрсатилган фактларга қўшилмасангиз, имзо чекишдан бош тортиш ҳуқуқига эгасиз. Махсус жойга ўз эътирозларингизни ёзиб қолдиринг ("Баённома билан рози эмасман", "Кўрсатилган ҳаракатларни содир этмаганман", "Баённома матнини тушунмайман").
Агар мазмунини тушунмаган бўлсангиз, рус тилида тузилган ҳужжатларга имзо қўйманг. Таржима қилишни талаб қилинг.
Полиция ходимларининг маълумотларини ёзиб олинг. Фамилиялари, унвонлари ва кўкрак нишонларининг рақамларини қайд этинг.
Озодликка чиққач, шикоят учун ҳужжатларни тўпланг.
Баённома нусхасини сақлаб қўйинг, ушланган вақт ва ҳолатларни, гувоҳларнинг алоқа маълумотларини ёзиб олинг.
Полиция ходимларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан қаерга шикоят қилиш керак?
Агар сиз полиция ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига (ноқонуний ушлаб туриш, аризани қабул қилишдан бош тортиш, зўравонлик қўллаш, суд қарорисиз жарима тўлашни талаб қилиш, паспорт ёки телефонни қайтариб бермаслик) дуч келсангиз, қуйидаги идораларга мурожаат қилишингиз мумкин:
ИИВ Бош бошқармасига 112 ёки 02 (тезкор оператив хизматларнинг ягона рақами) телефони орқали;
Россия Федерацияси ИИВнинг ишонч телефонига: 8 (800) 222-74-47;
ИИВ Ўз хавфсизлиги бош бошқармасига: 8 (495) 667-07-30;
Полиция бўлинмалари ва ИИВнинг туман бўлимларига (ушлаб турилган жой бўйича);
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга (ўз минтақангиздаги);
Россия Федерацияси Бош прокуратурасига (қўпол қоидабузарликлар – ходимларнинг ҳаракатсизлиги, ариза топширишга тўсқинлик қилиш, шикоятларни кўриб чиқиш тартибини бузиш ҳолларида);
Судга (хатти-ҳаракатларни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги маъмурий даъво билан).
Баённома тузилганининг ўзи жарима тўлашингиз кераклигини англатмайди.Жарима фақат суд қарори асосида тайинланади.Бу қарорсиз полиция ходимлари бирор нарса учун тўлов талаб қилишга ҳақли эмас.
Қўлга олинганда нима қилиш мумкин эмас?
Қўполлик қилманг ва низога сабабчи бўлманг.
Қочиб кетманг ва қаршилик кўрсатманг.
Ҳар қандай мулоқотдан бош тортманг (бу бўйсунмаслик деб баҳоланиши мумкин).
Ҳужжатларни ўқимасдан туриб имзо қўйманг.
Масалани пул билан ҳал қилишга уринманг (бу пора бериш сифатида малакаланиб, жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин).
Хулоса қиламиз
Полиция ходимлари томонидан қўлга олинганда, чет эл фуқароси Россия фуқароси билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлади.
Асосий қоидалар:
Ўзингиз билан барча зарур ҳужжатларни (паспорт, миграция картаси, қайд этиш ҳужжати, патент, тўлов чеклари) олиб юринг;
Ҳужжатларни текширишдан олдин текширув сабабини ва полиция ходимининг маълумотларини билиб олишга ҳақлисиз;
Қўлга олинганда телефон қўнғироғи, таржимон, адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳамда баённома нусхасини олиш ҳуқуқига эгасиз;
Ҳужжатларни ўқиб, мазмунини тушунмасдан туриб имзо қўйманг;
Айблов эълон қилинмасдан ушлаб туришнинг энг узоқ муддати – 48 соат;
Полиция ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ИИВ, прокуратура ёки судга шикоят қилинг.
Вазминлик, хушмуомалалик ва ўз ҳуқуқларингизни билиш қўлга олиниш жараёнидан миграция мақомингиз учун минимал салбий оқибатлар билан ўтишга имкон беради.
Янгиликларимизни Телеграм каналимизда янада тезроқ ўқиб боришингиз мумкин.
Русский язык