10.09.2026

Россиялик иш берувчилар ишчи касблари учун энг талабгир кўникмаларни маълум қилди

Hh.ru онлайн-рекрутинг платформаси таҳлилчилари иш берувчилар ишчиларда қадрлайдиган ва улар учун қўшимча ҳақ тўлашга тайёр бўлган энг муҳим касбий ҳамда «юмшоқ»  кўникмалар рейтингини тузди. 2–24 июнь кунлари ўтказилган сўровномада Россиянинг 208 та компанияси иштирок этди.

Энг талабгир касбий кўникмалар

Касбий компетенциялар орасида биринчи ўринда асбоб-ускуналар билан ишлашни аъло даражада билиш туради. Бу кўникма сўровномада қатнашган иш берувчиларнинг 53 фоизи учун муҳим ҳисобланади. 2026 йил бошидан буён вакансияларда асбоблар билан ишлаш қобилияти 374 минг мартадан ортиқ қайд этилган, бу 2025 йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир.

Иккинчи ўринда — меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги меъёрларини билиш ҳамда уларга риоя қилиш (29%). Учинчи ўринни техник чизмалар, схемалар ва технологик хариталарни ўқий олиш маҳорати (20%) эгаллади. Шунингдек, кучли ўнликка электр монтаж ишлари, ускуналарни созлаш ва ишга тушириш, махсус техникани бошқариш, ўлчов асбоблари билан ишлаш, чилангарлик ишловини бериш, қурилиш ва пайвандлаш ишлари кирди.

Иш берувчилар қадрлайдиган «юмшоқ» кўникмалар

«Юмшоқ» кўникмалар орасида ижрочилик, виждонлилик ва интизомлилик энг кўп қадрланади — буни компанияларнинг 27 фоизи қайд этган. Деярли ҳар бешинчи рекрутер номзоднинг одамлар билан мулоқот қила олиши ва зиддиятларга бормаслигига (23%), натижага йўналганлигига (21%) ҳамда доимий назоратсиз мустақил ишлай олиш қобилиятига (20%) эътибор қаратади. Шунингдек, топ-10 таликдан стрессга чидамлилик, масъулият, мулоқотчанлик, қайта ўқишга тайёрлик, зийраклик ва диққатлилик ўрин олган.

Танқис сифатлар ва қўшимча ҳақ тўлашга тайёрлик

«Энг танқис сифатлар орасида масъулият ва ишончлилик бор, бу ҳақда сўров иштирокчиларининг 34 фоизи айтган. Деярли шунча компания ходимларда танқидий фикрлаш ва муаммоларни ҳал қилиш қобилияти етишмаслигини кўрсатмоқда (33%). Учинчи ўринда стрессга чидамлилик ва ўз-ўзини бошқариш (24%) туради. Бу кўникмалар иш сифатига ва ходимларнинг иш юкламасига бардош бериш қобилиятига бевосита таъсир қилади. Шу билан бирга, кўплаб иш берувчилар компания учун зарур компетенцияларга эга бўлган номзодларга бозор ўртачасидан юқори маош тўлашга тайёр эканликларини таъкидламоқда — бу ҳақда сўров иштирокчиларининг 60 фоизи айтган, яна 13 фоизи эса шундай мақсадлар учун қўшимча иш ҳақи фонди бўлганда, шундай қилишни хоҳлашларини билдирган», — дея изоҳ беради hh.ru нинг  «Кўникмалар ва карера» йўналиши раҳбари Марина Дорохова.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, иш берувчилар ноёб ва талабгир кўникмаларга эга бўлганларга юқорироқ маош таклиф қилиб, малакали кадрларга сармоя киритишга тайёр. Бозор, айниқса, ишлаб чиқариш вазифаларини мустақил ҳал қила оладиган масъулиятли ва стрессга чидамли ходимлар танқислигини ўткир ҳис қилмоқда.

Янгиликларимизни Телеграм каналимизда янада тезроқ ўқишингиз мумкин.



Qaytish